Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов Қашқадарё вилоятидаги хизмат сафари давомида Қарши шаҳридаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган кўчат экиш тадбирида иштирок этди.

Таъкидлаш ўринлики, шу кунларда мамлакатимиз миқёсида давом этаётган «Долзарб 40 кунлик» тадбирларида умумтаълим мактаблари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ушбу мавсум давомида мактаблар ҳудудларига турли манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазилаяпди. Бу борадаги ҳайрли ишлар келгусида мактаб ҳудудини кўкаламзорлаштириш, ўқувчи-ёшларда она табиатни асраб-авайлаш ҳамда миллий қадриятларимизнинг бардавом бўлишига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Вилоят Экология бошқармаси ходимлари, ўқитувчилар, ёш экопатрул гуруҳи аъзолари иштирок этган кўчат экиш тадбирида ана шу жиҳатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шундан сўнг Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов мактаб ҳудудига яхши ният билан дарахт кўчати ўтқазди.