Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов бугун Қарши-Самарқанд А-378 йўлидан 5.4 км узоқликда Чироқчи тумани ҳудудидаги 20 гектар яйлов ерида жойлашган чиқиндихонани кўздан кечирди.

Ўрганишлар давомида вилоятдаги чиқинди полигонларининг атроф муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш мақсадида Қарши шаҳрининг эски 46 гектар чиқинди полигони фаолияти тўхтатилган бўлсада, рекультивация қилинмаганлиги ҳамда Қарши шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан ноқонуний тарзда ташкил этилган ушбу чиқиндихона бартараф этилмаганлиги сабабли ён-атрофга енгил чиқиндилар учиб, 5 км радиусдаги атроф-муҳит ифлосланаётгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган масъулларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиши ва чиқиндихонани зудлик билан бартараф этиш учун махсус техника ҳамда ишчи кучларини сафарбар этиш ҳақида кўрсатмалар берилди. Полигон ҳудудини рекультивация қилиш ва ноқонуний чиқиндихонани бартараф этиш учун маблағ ажратиш бўйича таклиф киритилиши маълум қилинди.