10 туп Қайрағоч дарахтини кесган ҳуқуқбузар 32 млн 400 минг сўм зарар тўлайди….

Қашқадарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан телефон орқали қилинган хабарни ўрганиш мақсадида Ғузор туманидаги “Шўртангазкимё” МЧЖ Ташқи сув таъминоти “В” устуни насос станцияси ҳудудига борилганда, насос станцияси ходими Р. Э томонидан насос станциянинг олд томонидаги бетон девор билан ўралган ички қисмидан жами 10 туп ҳар хил диаметрдаги шундан, 6 туп соғлом ҳолатдаги ва 4 туп санитар ҳолатини йўқотган ва қуриган қайрағоч дарахтларини таг қисмидан кесиб ташлаганлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан Ғузор туманидаги “Шўртангазкимё” МЧЖ Ташқи сув таъминоти “В” устуни насос станцияси ходими Р. Эга нисбатан “МЖтК”нинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди.

Ҳуқуқбузар томонидан руҳсатсиз кесилган қайрағоч дарахтлари зарари 32 млн 400 минг сўм ҳисобланди.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245-моддаси 3-қисмига асосан ушбу ҳолатга чора кўришлик Жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига берилганлиги сабабли, ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича судга юборилди.