МУНОСАБАТ

“Ҳисор” давлат қўриқхонаси 2022 йил 31 май куни қўриқхонанинг Яккабоғ тумани ҳудудида жойлашган “Қизилсув” бўлими қўриқлаш ходимлари томонидан қўриқхонанинг “Қизилсув” бўлими юқори сарҳадларида назорат ишлари олиб борилган. Назорат ишлари давомида 3 (уч) нафар фуқаронинг ноқонуний тарзда, ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузиб кирганлик ҳолати аниқлаган.

Қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан мазкур фуқаролар тўхтатилганда уларнинг бир нафари қочиб кетган. Икки нафар қонунбузарларнинг шахслари ўрганилганда улар Қашқадарё вилояти Касби тумани “Ғалаба” МФЙ Тошқўрғон қишлоғида яшовчи С. А. ва С. Б. эканлиги аниқланган. Қочиб кетган фуқаронинг шахси номаълум бўлиб қолган, чунки, қонунбузарлар С.А. ва С.Б. уни танимаслигини айтишган.

Қонунбузарларнинг юклари кўздан кечирилганда А.С. номига расмийлаштирилган 1 дона ов қуроли, 1 бош Сибирь тоғ эчкисининг гўшти, бош суяги ва шохи, ўқотар ов қуролига тегишли ҳужжатлар, 11 дона ишлатилмаган ҳамда 2 дона ишлатилган патронлар, 2 дона рация аппарати, 1 дона пичоқ, 1 дона дурбин, 1 дона балиқ овлайдиган тўр ва Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 115 дона ноёб Амударё гул балиқлари борлиги аниқланган. Содир этилган ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатлар қўриқлаш ходимлари томонидан расмийлаштирилган.

Қочиб кетган қонунбузар фуқаронинг шахсини аниқлаштириш сўралган ҳолда қонунбузарлик ҳолати бўйича барча тўпланган ҳужжатлар ҳамда ов анжомлари сақлаш ва қонуний чора кўришлик учун 2022 йил 03 июнь куни Яккабоғ туман ИИБга топширилган. Ҳозир кунда мазкур қонунбузарлик бўйича Яккабоғ туман ИИБ томонидан белгиланган тартибга суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қўриқхона масъул ходимлари томонидан 2022 йил 3 июнь куни содир этилган қонунбузарлик ҳолати бўйича жарима ва табиатга етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.

Олиб қўйилган ноқонуний ов маҳсулотлари, яъни, балиқлар, эчки гўшти ва бошқалар ушбу қонунбузарлик ҳолати билан боғлиқ ашёвий далиллар сифатида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳамда сақланиб келинмоқда.

Қонунбузарлик ҳолати бўйича қўшимча маълумотлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилаётган суриштириш ишлари натижаларига боғлиқ ҳолда тақдим этилишини маълум қиламиз.